Қарши шаҳридаги 23-мактаб директори ўқитувчиларга ўқувчилар формаси учун пул йиғишга кўрсатма берди. «Нимчаси бўлмаса, дарвозадан чиқариб юбораман, менга формасиз ўқувчи керак эмас», — деди у. Мактаб таълими бошқармаси директор жаримага тортилгани ва бундай ҳолатни кескин қоралашини билдирди.
Франциянинг Безье шаҳрида мактаб формасини кийиш бўйича ҳукумат тажрибаси бошланди. Расмийлар бу тенгсизликни камайтиришга ёрдам берадими ёки йўқ, шуни текширмоқчи. 1968 йилдан бери француз мактабларида форма кийиш мажбурий эмас.
Кембриж университети тадқиқоти шуни кўрсатдики, мактаб формаси болаларнинг, айниқса, бошланғич синфларда ўқийдиган қизларнинг ҳаракатчанлигини чеклаши мумкин. Олимлар буни юбка ёки кўйлакда фаол ўйинларда қатнашиш қизлар учун ноқулай экани билан боғлайди.
Навоий шаҳридаги 6-мактабда ўқитувчи кроссовкада келган болаларга танбеҳ берди. Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўқувчиларнинг таълим муассасасига спорт пойабзалида келмаслиги керак, деган талаб мавжуд эмаслигини билдирди.
Ўқитувчиларни бир хил кийинтириш ташаббуси ҳокимликнинг ўзидан чиққан, бироқ бу форма мажбурий эмас, деди пойтахт ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова. Бепул тарқатиладиган форма учун 1,5 млрд сўм маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан ажратилган.
Тошкентдаги 142-мактабда ИИБ ходимлари ўқувчиларга соч турмаги учун танбеҳ берди. Қонунчиликка кўра, соч узунлиги 2−3 см бўлиши лозим. Пойтахт ИИББ ўқувчилар билан профилактик суҳбат ўтказилгани, қолаверса, болалардан бирининг ёнидан қайчи топилганини қайд этди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги мактаблардан бирида прокуратура мактаб формасини мажбурий сотиб олиш учун тилхат ёздириб олаётгани ҳақида хабар тарқалди. Пойтахт прокуратураси ушбу маълумотни текширмоқда.
Ҳукумат 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун ягона мактаб формасини тўлиқ жорий этишга қарор қилди. Дастлаб, буни 2019 йилда амалга ошириш режалаштирилган эди, аммо жамоатчилик норозилиги туфайли муддат 2024 йилга қолдирилганди. Кам таъминланган оилаларга формани харид қилишга кўмаклашилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг